Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандардларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори билан Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш соҳасида мутлақо янги очиқлик стандартларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадлари амалда ўз тасдиғини топиб бормоқда. Автомобиль йўллари қўмитаси, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда қатор масъуллар ҳамкорлигида автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган «Shaffof yo’l» платформаси ҳам ишлаб турибди. Айнан «Shaffof yo’l» онлайн ахборот платформасида автомобиль йўллари соҳасида очиқ ахборотлар шаклида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар ўрин олаётгани бу тизимнинг оммавий ва халқчил эканлигини тасдиқламоқда. Мазкур платформанинг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар, айтиш лозим бўлса, светофорлар ва йўл белгилари ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар ҳақида фото ва видеомурожаатлар, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилмоқда. Бу тизим билан Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси-схемаси Кадастр агентлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибага асосланган «Shaffof yo’l» платформасига киритилмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Жиззах вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси тизимида фаолият юритаётган давлат муассасалари томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилганимизда иқтисодиётимизнинг қон томири бўлган йўл инфратузилмасини янада яхшилашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилаётгани, бунинг натижасида халқимизнинг розилиги ва фаровонлик сари илдам қадамлар ташланаётганини кўришимиз мумкин.

Жиззах вилоятида жами 9 334 км автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, йил бошида шундан 2581 км умумий фойдаланишдаги йўлларнинг 26 фоизи, 6753 км ички йўлларнинг 19 фоизи таъмирталаб дея рўйхатга олинган. Шунингдек қайта таъмирланиши лозим бўлган кўприк иншоотларининг сони ҳам жами 754 тадан 314 тани ташкил этган. Таъмирталаб кўприкларнинг айнан авария ҳолатида қолган 25 таси алоҳида эътибор билан тезкор тузатилишига эришилмоқда. Автомобиль йўллари бош бошқармасининг 15 та тизим корхоналарида фаолият юритиб келаётган 1347 нафар ишчи-ходимлар ва махсус техникалар кўмаги билан жорий йилнинг ўтган даврида, маблағ жиҳатидан айтганимизда 390,4 млрд сўм ўзлаштирилиб 647,5 км автомобиль йўлларини сифатли таъмирлашга эришилди.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 157,7 млрд сўм маблағлар эвазига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва тўла таъмирлашга 105,1 млрд сўмдан ошиқ, шаҳар кўчаларини қуриш-таъмирлаш учун 52,6 млрд сўм, саноат зоналарига олиб борувчи йўлларини қуриш ва таъмирлаш бўйича 10,5 млрд сўм маблағ сарфлангани, ишнинг сифатли ва  самарадорлигига исботдир.

Қарорда кўрсатилганидек Молия вазирлигининг «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали туманлар ва шаҳар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг жамоатчилик фикри асосида шакллангани ҳам мақсадга мувофиқ. Айнан “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим” дастурлари доирасида вилоятдаги барча объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, экспертиза хулосалари олингани ва бунга  53,4 млрд сўм маблағлар  ўзлаштирилгани, бу маблағ асосан ички хўжалик йўлларига сарфлангани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу дастурга кўра вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси томонидан ички хўжалик йўлларида ҳам 128,4 км тупроқ йўллар шағаллаштириб берилди.

Жиззах вилоятида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларини қуришда ҳам вилоят йўлсозлар жамоасининг ҳиссасига эътибор берадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур янги массивларда салкам 13 млрд сўмлик йўл ишлари бажарилганини эътироф этишимиз лозим. Яна бир асосий жиҳатга эътибор беришимиз керак, бу ҳам бўлса йўл қурувчиларининг имкониятларини яхшилаш, меҳнат жамоасини зарур техника ва ускуналар  билан таъминлаш. Бу борада ҳам Автомобил йўллари бош бошқармаси тизим корхоналарига 20,3 млрд сўм маблағ ҳисобига 49 дона йўл техникалари ва жиҳозлари олиб келинди.

Албатта, йўлни сифатли қуриш ва уни сақлаш – ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш дегани. Бу йўналишдаги ташаббуслар ҳам Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъуллари билан биргаликда олиб борилмоқда. Хусусан автомобиль йўлларининг зарур жойларига 3158 та замонавий йўл белгилари ўрнатилди ва 2500 км, умумий ўлчамда 355 минг м2 йўл ётиқ чизиқлари чизилди. Транспорт ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида 14 дона светофор керакли манзилларга ўрнатилди. Аҳоли яшаш манзилларида 32,2 км пиёдалар ҳамда велосипед учун йўлаклар қуриб битказилди.

Йўлларни техник соз ҳолатда сақлаш мақсадида 135,6 млрд сўм маблағ эвазига вилоятдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида таъмирлаш, сақлаш, қиш қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилган ва бу мақсадли ҳаракатлар давом этмоқда. Ҳудудларда табиат муссаффолигини таъминлашга, “Яшил макон” давлат дастури бўйича атроф муҳитни яхшилашга қаратилган ишларда ҳам йўлсозлар жамоаси улкан масъулиятни зиммаларига олишган. Айнан йўллар четларини кўкаламзорлаштириш, яшил белбоғ яратиш мақсади билан турли манзарали дарахтларни кўпайтиришга, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли чиқиндиларни бартараф этишнинг энг самарали ечими деб қаралади.  Бу борада ҳам йўл қурувчиларимиз жорий йилнинг баҳор мавсумида 128 км йўл бўйларига 397 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчатларини  экишган бўлса, айни куз мавсумида ҳам 150 минг туп, ҳудуд табиатига, тупроғига мос, сувсизликка чидамли кўчатларни экиб парваришлаш ишларини давом эттиришмоқда. Буларнинг барчаси автомобил йўлларининг истеъмол хоссаларини яхшилашга, яъни бу автомобиль йўлларининг фойдаланувчилар манфаатларига бевосита жавоб берадиган транспорт-фойдаланиш кўрсаткичларини, ҳаракатнинг тезлиги, узлуксизлиги, хавфсизлиги ва қулайлиги, транспорт воситаларини ўтказиш имконияти ва ҳаракатланиш даражаси, бир ўққа тушадиган оғирлиги, юкламаси, умумий массаси ва габаритлар билан автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун рухсат берилган техника ва автопоездларни ўтказиш имконияти, экологик хавфсизлик, эстетик ва бошқа хусусиятларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Жиззах вилояти автомобил йўллари бош бошқармаси бошлиғи

                           Ҳ.Рахматов

Shuningdek

More From Author

+ There are no comments

Add yours